Ҳиндистонда илк бор ёввойи ҳайвонларда коронавирус аниқланди, касаллик Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳридаги ҳайвонот боғидаги саккизта шерда қайд этилди, деб маълум қилди Times of India газетаси.
Ҳайвонот боғи ходимлари апрель ойининг сўнгги кунларида шерларда коронавирусга хос бўлган аломатлар – иштаҳа йўқолиши, бурундан сув оқиши ва йўтал симптомларини кузатган. Бу ерда жами 12 та шер сақланади. Уларнинг саккизтасида коронавирусга топширилган тест натижалари ижобий чиққан.
«Ўтган йил апрель ойида Нью-Йорк шаҳрининг Бронкс ҳайвонот боғида саккизта йўлбарс ва шерларда COVIDга қарши олинган тестлар ижобий натижа берган эди. Шундан кейин бирор марта ҳам ёввойи ҳайвонларда коронавирус аниқланиш ҳолати кузатилмади. Бироқ Гонконгда итлар ва мушукларда коронавирус аниқланган», – дейди ёввойи табиатни ўрганиш маркази раҳбари Шириш Упадхе.
Ҳиндистонда қаторасига ун уч кундирки, касалланганлар сони кунига 300 минг кишидан ошмоқда. Ҳозиргача мамлакатда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолатлар 20,2 миллиондан ошди, 222 минг киши ушбу касаллик туфайли ҳаётдан кўз юмган.
Манба: https://www.uza.uz сайти