» » » Юқумли касалликка чалинган ҳайвонларга хизмат кўрсатиш Қоидалари

 
 
 

Юқумли касалликка чалинган ҳайвонларга хизмат кўрсатиш Қоидалари

Muallif: info dan 3-06-2015, 09:17, qaradi: 8060

0

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МЕҲНАТ ВА АҲОЛИНИ ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ВАЗИРИНИНГ

БУЙРУҒИ

ЮҚУМЛИ КАСАЛЛИККА ЧАЛИНГАН ҲАЙВОНЛАРГА ХИЗМАТ КЎРСАТИШДА МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 12-сон, 136-модда; 2010 й., 40-41-сон, 349-модда)

[[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 18 мартда 1923-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди]]

         Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сон қарори билан тасдиқланган «Меҳнатни муҳофаза қилишга доир қоида ва нормаларни қайта кўриб чиқиш, ишлаб чиқиш ва жорий этиш Дастури» (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 2000 й., 7-сон, 39-модда) ижросини таъминлаш мақсадида буюраман:

1. Юқумли касалликка чалинган ҳайвонларга хизмат кўрсатишда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб ўн кун ўтгач кучга киритилади.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири в.б. А. ХАИТОВ

Тошкент ш.,

2009 йил 17 февраль,

8/Б-сон

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 2009 йил 17 февралдаги 8/Б-сонли буйруғи билан

ТАСДИҚЛАНГАН

Юқумли касалликка чалинган ҳайвонларга хизмат кўрсатишда меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ

        Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) мувофиқ юқумли касалликка чалинган ҳайвонларга хизмат кўрсатишда меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.

I. Умумий қоидалар

1. Мазкур Қоидалар мулкчилик шаклидан қатъи назар, юқумли касалликка чалинган ҳайвонларга хизмат кўрсатувчи барча турдаги корхоналар (бундан кейинги ўринларда корхоналар деб юритилади) учун тааллуқлидир.

2. Мазкур Қоидаларга риоя этилиши устидан назорат махсус ваколатли давлат идоралари, корхонанинг раҳбари ва меҳнатни муҳофаза қилишга масъул ходимлар зиммасига юклатилади.

3. Одам ва ҳайвонлар учун хавфли бўлган юқумли касалликларга қуйидагилар киради:

бруцеллёз — бруцелла микроби қўзғатадиган инфекцион касаллик ҳисобланиб, сигир, қўй, чўчқа учун характерли бўлади.

Чорвачилик билан шуғулланувчи корхоналарда бруцеллёз касаллигининг олдини олиш мақсадида махсус дастур асосида эмлаш, даврий тиббий кўрик, диспансеризация ва бошқа тадбирлар ўтказилади. Касал ҳайвон организмидан бруцеллалар ташқи муҳитга сут, сийдик, жинсий аъзолардан келадиган суюқликлар орқали яйлов, сув ичиш манбалари, ҳовли, ферма, оғилхонадаги тўшакларга ва касал ҳайвоннинг териси ҳамда жунларига тушади;

куйдирги — ўта оғир ўтувчи инфекцион касаллик бўлиб, қорамол, қўй, буғу, туя, от, чўчқа ва бошқа ҳайвонларда учрайди. Бу касаллик куйдирги таёқчалари томонидан чақирилади. Касалликнинг олдини олишда одам ва ҳайвонларни вақтида эмлаш асосий усул ҳисобланади. Касал ҳайвонлар изоляция қилинади. Ўлган ҳайвонлар жасади куйдирилади;

лептоспироз — лептоспира микроби қўзғатадиган инфекцион касаллик бўлиб, одам ва ҳайвонларда учрайди. Лептоспироз билан йирик ва майда шохли моллар, чўчқа, от ва бошқа ҳайвонлар касалланади. Медицина ва ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилиш, эмлаш ва кемирувчиларни ўз вақтида йўқотиш тадбирлари касалликнинг олдини олишда асосий тадбирлар ҳисобланади;

оқсил (овсил) — вирусли касаллик бўлиб, одамларга, қорамол, туя, от, буғу, эчки, қўй, чўчқа ва итлардан ўтади.

Касалликнинг олдини олиш учун аввало ветеринария-санитария тадбирлари ўтказилади. Чорвачилик билан шуғулланувчи корхоналарда касал ҳайвон аниқланса, карантин эълон қилинади;

сальмонеллёз — сальмонелла вируси қўзғатадиган юқумли касаллик бўлиб, гўшт маҳсулотларини истеъмол қилгандан сўнг ошқозон ичак фаолиятининг бузилиши билан характерланади.

Касалликнинг олдини олиш учун шахсий гигиенага, тозаликка риоя қилиш ва ошхона анжомлари (гўшт чопиш тахтаси, пичоқ, болта ва бошқалар)ни тоза сақлаш лозим. Сўйилган ҳайвон ёки парранда гўштини ветеринария врачи рухсатисиз истеъмол қилиш тавсия этилмайди;

туберкуллёз — узоқ вақт давом этадиган инфекцион касаллик ҳисобланади. Туберкуллёз билан йирик шохли моллар, майда шохли моллар, паррандалар ва чўчқалар касалланади.

Барча ишчи ходимлар режа асосида текширувлардан ўтади ва шу билан бирга ренгенофлюрография ва иммунобиологик реакцияга текширилиб туришлари шарт;

туляремия — кемирувчилар касаллиги бўлиб, каламуш, андатра, қуён, суғур ва уй сичқонларида учрайди. Касаллик микроби касал ҳайвоннинг сийдиги ва ахлати орқали сувни, тупроқни, ўтни ва донларни заҳарлайди. Агар туляремия билан касалланган кемирувчи аниқланса, ўша туманда жойлашган барча фуқаролар эмланади;

тениоз — инвазион касаллик ҳисобланади. Одамнинг ингичка ичагида чўчқа солитёрининг мавжуд бўлиши натижасида келиб чиқадиган касаллик;

тениаринхоз — инвазион касаллиги. Одам ингичка ичагида кўп йиллар давомида яшайди. У ташқи муҳитга одам организмидан уруғларга тўлиб кейин фекалий билан биргаликда чиқади;

эхинококкоз ва альвеококкоз — касалликни одамларда паразитар гельминтлар қўзғайди. Эхинококкоз паразити майда шарсимон бўлиб, ит, бўри, тулки, шимол тулкиси ва бошқа ҳайвонларнинг ичагида яшайди;

қутириш — ўткир юқумли вирусли касаллик бўлиб, бўри, тулки, дайди итлар ва пашшалар касаллик манбаи ҳисобланади. Бу касалликка йирик ва майда шохли ҳайвонлар, от, туя, чўчқа, мушук ва одамлар таъсирчан ҳисобланади. Вируслар касал ҳайвон сўлагида жойлашган бўлиб, у тишлаган вақтида бошқа организмга юқади.

II. Умумий хавфсизлик талаблари

1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ташкил қилиш

4. Корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш «Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил қилиш тўғрисида»ги Намунавий низомга (1996 йил 14 август, рўйхат рақами 273) мувофиқ амалга оширилиши лозим.

5. Корхоналарнинг раҳбарлари ва барча ходимлари, шу жумладан юқумли касалликка чалинган ҳайвонларга хизмат кўрсатувчи ходимлар белгиланган тартиб ва муддатларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқишлари, тегишли йўл-йўриқлар олишлари, билимларини ошириб боришлари ҳамда белгиланган муддатларда уларнинг билимларини синовдан ўтказиш «Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш ҳақида»ги Намунавий низомга (1996 йил 14 август, рўйхат рақами 272) мувофиқ амалга оширилиши лозим.

6. Корхоналарда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни ўрганиш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1997 й., 6-сон, 21-модда) билан тасдиқланган «Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисида»ги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.

2-§. Касбий танлов

7. Ҳар бир корхонада ўта хавфли шароитларда бажариладиган ишлар рўйхати бўлиши зарур.

8. Барча ишчилар ўта хавфли бўлган ишларни бажаришга киришишдан олдин бундай ишларни амалга ошириш бўйича йўл-йўриқдан ўтишлари, талаблар билан танишишлари ва уларни бажаришнинг хавфсиз усулларини ўзлаштириб олган бўлишлари зарур.

9. Ўта хавфли ишлар билан шуғулланиш белгиланган тартибга мувофиқ корхона раҳбари томонидан тасдиқланиб, рухсат этилган ходимлар томонидангина амалга оширилиши лозим.

10. Корхона раҳбари ўта хавфли касалликларнинг олдини олишни ташкил этиш ва ишларни хавфсиз ўтказишда белгиланган тартибга амал қилиш учун жавобгардир.

11. Касбий танловдан сўнг ишга қабул қилинганларнинг касбий маҳорати юқори эканлигига ишонч ҳосил қилиш мақсадида назорат ўрнатиш, зарурат бўлганда синовдан ўтказиш лозим.

3-§. Ходимлар саломатлигини назорат қилиш

12. Иш берувчи мунтазам равишда ишчи-ходимларнинг бошланғич даврдаги умумий ва касб касалликларини аниқлаш мақсадида уларнинг соғлиғини назорат қилиб бориши керак.

13. Иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ваколатли соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ишчи-ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг тиббий кўрикка келишини таъминлаши лозим.

14. Корхоналарда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2000 йил 6 июндаги 300-сонли «Ходимларни ишга киришдан олдин дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги буйруғи (2000 йил 23 июнь, рўйхат рақами 937) асосида амалга оширилиши лозим.

15. Тиббий кўриклар корхонанинг тиббий-санитария қисмлари ва поликлиникалари, улар мавжуд бўлмаганда даволаш-профилактика муассасаси томонидан ўтказилади.

16. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра тавсиялар бажарилиши учун жавобгарлик корхонанинг раҳбарияти зиммасига юкланади. Ишчи-ходимларни соғлиғи туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.

17. Ишчи-ходимлар тиббий кўрикдан ўтишдан бош тортган ёки тиббий комиссиялар томонидан ўтказилган текширишлар натижаларига кўра берилган тавсияларни бажармаган тақдирда иш берувчи ушбу ходимни ишга қабул қилишга ҳақли эмас.

4-§ Ишчиларнинг жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланиши

18. Ишчиларни зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш муҳити омилларидан ҳимоя қилиш учун, уларни тегишли стандартлар талабларига мос келувчи шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш лозим.

19. Ишчи ва хизматчилар шахсий ҳимоя воситалари билан корхона томонидан бепул таъминланади.

20. Шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиши лозим бўлган ишчилар, уларнинг қўлланиш усулларини, ҳимояланиш хусусиятларига, амал қилиш муддатлари тўғрисида тўлиқ маълумотларга эга бўлиши ҳамда улардан фойдаланишга ўргатилиши лозим.

21. Иш берувчи қуйидагиларни таъминлаши керак:

а) меъёрий ҳужжатлар бўйича ишлаб чиқариш учун талаб қилинадиган шахсий ҳимоя воситаларининг миқдори ва номенклатурасини;

б) шахсий ҳимоя воситаларини қўллаш ва улардан тўғри фойдаланиш устидан доимий назоратнинг олиб борилишини;

в) қўлланилаётган шахсий ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлигини текширилишини;

г) шахсий ҳимоя воситаларидан хавфли ва заҳарли моддалар муҳитида фойдаланилганда уларни дегазация ва дезинфекция қилинишини (бир марта қўлланиладиган шахсий ҳимоя воситалари бундан мустасно).

22. Барча ходимларга берилган шахсий ҳимоя воситалари ишдан сўнг олиниб махсус шкафда сақланади.

Шахсий ҳимоя воситалари билан белгиланган ҳудудларидан ташқарида юришга рухсат этилмайди.

23. Барча шахсий ҳимоя воситалари ветеринар томонидан тавсия этилган дезинфекцияловчи моддалар билан ишлов берилади.

24. Ҳимоя кийими иш вақтида тўла тугмаланиши, енг манжетлари ва бармоқлари қўл ҳимоя воситаси билан беркитилган ҳолда бўлиши зарур.

25. Ишчиларнинг сочлари махсус бош кийим (берет, рўмол ва ҳоказо ) билан беркитилган бўлиши лозим.

5-§. Чорвачиликда хавфли ва зарарли омиллар ва улардан ҳимояланиш усуллари

26. Корхонада ҳайвонларга қараш, касалликнинг олдини олиш ва даволаш пайтлари инсон организмига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган омиллар рўйхати бўлиши керак.

27. Чорвачилик фермалари ва комплексларида инсонлар ва ҳайвонлар чалинадиган касалликлар билан касалланган шахсларнинг ишлашлари тақиқланади.

28. Ҳайвонларга хизмат кўрсатишда тери касалликлари билан касалланган, шилинган ва майда яралари бор ходимлар фақат шифокор рухсати билан ишлашга рухсат этилади.

29. Агрессив ҳайвонлар сақланадиган оғилхона ёки бокслар тепасига огоҳлантирувчи белги қўйилиши шарт. Бу белги сариқ рангли ёзув билан ёзилиши лозим.

30. Боғланмай сақланадиган ҳайвонларга хизмат кўрсатиш жараёнида уларнинг ҳаракатини чеклаб қўядиган асбоб ва ускуналардан фойдаланиш керак.

31. Ҳайвондан одамга антропозоонос касалликларининг юқиш усуллари турли хил бўлади. Айрим касалликлар ҳайвонларга хизмат кўрсатиш жараёнларида юқиши мумкин. Бошқа ҳолатларда эса, ҳайвондан олинадиган маҳсулотлар, сут, сут маҳсулотлари, жун, гўшт, тери орқали ва паррандалар ҳамда одам ва ҳайвонга ҳужум қиладиган қон сўрувчи ҳашаротлар томонидан ҳам бу касалликлар юқтирилиши мумкин.

6-§. Ишчи-ходимларнинг ишлаб-чиқариш жараёнига қатнашиши

32. Ишга қабул қилинган ишчи-ходимлар иш жойида ишни бошлашдан олдин меҳнатни муҳофаза қилиш йўл-йўриғидан ўтиши керак.

Олдинги таҳрирга қаранг.

33. Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари рўйхатига (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 30-31-сон, 355-модда) мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.

(33-банд Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 2010 йил 30 сентябрдаги 173-сонли буйруғи (рўйхат рақами 1923-1, 05.10.2010 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 40-41-сон, 349-модда)

34. «Аёллар меҳнатидан фойдаланиш тўлиқ ёки қисман тақиқланган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхати»га (2000 йил 5 январь, рўйхат рақами 865) мувофиқ аёлларни зарарли ва ноқулай меҳнат шароитига эга бўлган ишларга қабул қилиш тақиқланади.

7-§. Дам олиш ва меҳнат қилиш тартиби

35. Ишнинг кун тартиби, иш ҳафтаси, дам олиш ва танаффус вақти қонун ҳужжатларига асосан белгиланиши керак.

36. Ишлаш ва дам олиш тартибини тузаётганда ишнинг хусусиятини, зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омиллари, меҳнат тури ва оғирлик даражасини ҳам инобатга олиш лозим.

37. Дам олиш ва меҳнат қилиш тартиби бир неча турлардан иборат бўлиши керак. Гигиена талаблари, шахсий заруриятлар ва дам олиш учун берилган вақт, меҳнатнинг оғир ва енгиллиги, жисмоний ва психологик иш турларига қараб ҳар хил касблар учун меҳнат ва дам олиш вақтлари билан белгиланиши керак.

III. Юқумли касалликка чалинган ҳайвонларга хизмат кўрсатишда хавфсизлик талаблари.

1-§. Умумий талаблар

38. Юқумли касалликка чалинган ҳайвонларга хизмат кўрсатишни корхона раҳбари томонидан тасдиқланган гуруҳ олиб боради.

39. Юқумли касалликка чалинган ҳайвонларни парваришлаш ишларига профилактик эмланган, шахсий хавфсизлик қоидалари билан ишлаш тартибини биладиган шахсларга рухсат этилади.

40. Корхона раҳбари касаллик аниқланган тақдирда, дарҳол ветеринария ва медицина ходимларига хабар бериши ҳамда касал ҳайвонни изоляция қилиш чораларини кўриши шарт.

41. Изоляция қилинган ҳайвонлар сақланадиган жойга рухсат этилган шахслардан ташқари бошқа шахслар кириши тақиқланади. Ҳар бир хонага кириш йўлида дезатўшамалар қўйилиб, дезатўшамалар яшиксимон ҳолатда ичига қиринди билан тўлдирилади ва дезинфекцияловчи моддалар билан тўйинтирилади .

42. Дезатўшама ҳолатини баҳолаш, уларни ташкил қилиш, тўшамаларни алмаштириш, уларга дезинфекцияловчи моддаларни қуйиш ветеринария ходимларига юклатилади ва корхонага кириш-чиқиш, пойабзалларни текшириш, дезинфекция қилиш ишларини назорат қилиш корхона раҳбари зиммасига юклатилади.

43. Касаллик мавжуд бўлган корхоналарда овқатланиш, сув ичиш ва чекиш тақиқланади. Ичимлик суви ишчи ходимлар учун махсус бочкаларда қайнатилган ҳолда сақланади.

44. Хўжаликларда юқумли касаллик билан касалланган ҳайвонларни сутини соғиш тақиқланади.

2-§ Ветеринария-санитария чора-тадбирлари

45. Ветеринария-санитария ишлари олиб борилаётган вақтда бегона кишиларнинг кириши тақиқланади.

46. Дори воситаларини сақлаш, ташиш ва ишлашда меҳнатни муҳофаза қилиш қонун ҳужжатлардан фойдаланилади.

47. Транспорт воситалари ва идишларни ювиш, дезинфекциялаш ва дегазация қилиш юқори босим остида (25 — 35 атмосфера) олиб борилади.

48. Транспорт воситаларини ва идишларни ювиш, дезинфекциялаш ва дегазация қилиш алоҳида камераларда ўтказилади. Чиқиндилар канализация орқали қўл меҳнатисиз чиқариб юборилиши лозим.

49. Ювиш, дезинфекция қилиш, транспортларни дегазация қилиш хоналарига вентиляция ўрнатилади ва ҳар 10 — 15 дақиқада шамоллатилади. Кириш эшиги тепасига «Кириш ман этилади» ва «Хона тозаланган» деб ёзилган чироқли пешлавҳалар ўрнатилади.

50. Ҳайвонларни ректал текшириш ишлари махсус станокларда фиксация қилинган ҳолда амалга оширилади. Юқумли касалликлари мавжуд бўлган носоғлом хўжаликларда акушерлик қўлқописиз ректал текшириш ўтказишга рухсат этилмайди.

51. Ўлган ҳайвон танасини ёриш махсус (прозекторий, секция зали) жойларда ва ҳайвонлар қабристонида амалга оширилади. Ўлган ҳайвон танасини бўлаклаганда қон ва бошқа суюқликларни атрофга сачратиш тақиқланади.

52. Ўлган ҳайвонлар танаси махсус жиҳозланган борт ва тагидан суюқлик ўтмайдиган транспортларда ташилади.

53. Ўлган ҳайвонлар танасини ёриш хоналарида девор ва пол сув ўтказмайдиган, яхши ювиладиган, енгил дезинфекцияланувчи жиҳозлар ва қўшимча вентиляция, ювиниш хонаси, патматериал сақланадиган хоналар билан таъминланган бўлиши шарт.

Эшик ва кириш йўлаклари ўлган ҳайвонлар танасини киргизиш учун қулай бўлиши керак.

54. Куйдирги касаллигидан ўлган ҳайвонлар танасини ёришдан олдин унинг қонидан суртма тайёрланиб, микроскопда текширилади. Куйдирги касаллигидан ўлган ҳайвон танаси хавфсизлик чоралари кўрилган ҳолда куйдирилади.

Куйдирилган ҳайвон танасини биотермик хандакларга ёки ҳайвонлар қабристонига 2 метр чуқурликда кўмиш керак.

55. Корхона раҳбарининг зиммасига биометрик ускуналарнинг созлиги ва объектнинг санитария ҳолатини доимий назорат қилиш жавобгарлиги юклатилади.

56. Ўлган ҳайвонлар танасини ёриш хонаси, асбоб-ускуналар ва махсус иш кийимлари тозаланиб, зарарсизлантирилади.

57. Дезинфекция ва эмлаш ишлари аэрозол генератори билан бажарилаётганда ёнғинга қарши бирламчи ва шахсий ҳимоя воситаси бўлиши шарт.

58. Дезинфекцияловчи ускуналарни ишлатиш вақтида очиқ ҳавода, шамол тегадиган томонга ўрнатилиб, хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда фойдаланилади.

59. Дезинфекцияловчи воситаларни ишлатишда эритмаларнинг тўкилиши, оқиши ёки бошқа заҳарли моддаларнинг сочилиши ҳамда эритмаларни солиш ва чиқаришда носоз монометрларда ишлаш тақиқланади.

60. Дезинфекцияловчи дори воситаларини ишлатишдан олдин уларнинг ҳужжатлари, қайд қилиш гувоҳномаси ва мувофиқлик сертификатлари мавжудлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилиш шарт.

61. Заҳарли ва кучли таъсир этувчи препаратлар махсус ажратилган бинолар ва хоналарда сақланиши, эшик ва деразалар темир панжара билан қопланган бўлиши керак.

62. Заҳарли ва кучли таъсир этувчи препаратлар сейф ёки темир шкафларда сақланади.

63. Заҳарли ва кучли таъсир этувчи препаратларнинг ҳисоб-китоби махсус журналларда қайд қилиб борилади.

64. Заҳарли ва кучли таъсир этувчи моддалар билан ишлашга ветеринария ёки фармацевтика соҳасида олий, ўрта-махсус маълумотга эга бўлган шахсларга рухсат этилади.

65. Ҳайвонларни даволаш ишлари ўтказиладиган хоналар асбоб-ускуналар ва препаратлар сақланадиган шкафлар билан таъминланган бўлиши керак.

IV. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик

66. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига ҳамда мазкур Қоидаларга риоя қилмаганликлари учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

V. Якуний қоидалар

67. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири С. ИСМОИЛОВ

Тошкент ш.,

2009 йил 5 февраль

Соғлиқни сақлаш вазири Ф. НАЗИРОВ

Тошкент ш.,

2009 йил 5 февраль

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Д. ЖАҲОНГИРОВА

Тошкент ш.,

2009 йил 5 февраль

 

dle

Kategoriya: Ветеринар маслахати » Юкумли касалликлар

Hurmatli mehmon, siz saytga ro'yxatdan o'tmagan foydalanuvchi sifatida kirdingiz..
Sizga tavsiya qilamiz ro'yxatdan o'tish yoki saytga ismingiz bilan kiring.

Добавление комментария

Ismingiz:*
E-Mail:
Izoh:
Полужирный Наклонный текст Подчеркнутый текст Зачеркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищенной ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Kodni kiriting: *